«Мураббий менга берган ваъдасининг устидан чиқмади.
Ўйин якунида мен фақат ғалаба билан ҳаммасининг тугашини ва ёлғиз қолишни истадим. Шунинг учун мухлислар билан саломлашишга бормадим. Бу — тўлиқ менинг хатоим эди ва бундай бўлмаслиги керак. Ўша ерда бизни жуда кучли қўллаб-қувватлаган мухлислардан узр сўрайман.
48 соат ўтиб, мен, мураббий ва август ойидаги суҳбатларимизда унга ҳамроҳ бўлган Симау Коутинью ўртасида суҳбат бўлиб ўтди. Бу жуда жиддий, очиқ ва ҳеч қандай ниқобсиз кечган мулоқот эди.
Биз бу «иш»ни ёпишнинг ягона йўли бор, деган фикрга келдик: мураббий менга ёпиқ эшиклар ортида айтган гапларини Симау Коутинью ҳузурида, аммо бу сафар матбуот анжуманида ҳам такрорлаши керак эди.
Келишув оддий эди: мураббий матбуот анжуманини айнан шу масаладан бошлайди ва ҳақиқатни айтиб, мавзуга нуқта қўяди. У мен ундан бирор дақиқа ўйнашни сўрамаганимни, бу йиғин учун режани айнан мураббийнинг ўзи таклиф қилганини ва унга ҳеч ким аралашмаганини айтиши керак эди. Шунингдек, мени майдонга туширмай туриб, исинишга чиқаргани хато бўлганини ва агар бундай вазият яна такрорланса, у бундай қилмаслигини билдириши керак эди.
Мен Данияга қарши ўйнамаслигим, «Драгау»даги учрашувда эса майдонга тушишим керак эди. Буларнинг барчаси доимо Симау Коутинью ҳузурида муҳокама қилинди.
Кейин мураббийнинг илтимосига кўра, у, Симау Коутинью ва Тиаго Кравейру ўртасида видеоконференция орқали учрашув ўтказилди. Унда биз аввал муҳокама қилган масалалар яна бир бор умумлаштирилди.
Қисқа ҳужжат тайёрланди. Уни шахсан ўзим маъқулладим ва менинг хабардорлигим билан, мураббийнинг илтимосига кўра, унга етказилди.
Матбуот анжуманида эса нима бўлганини ҳамма билади: у ердаги муносабат бизнинг учрашувимиздаги гапларга мутлақо ўхшамади. Мен ўзимга нисбатан ҳаққоний деб ҳисобламайдиган иборалар ва тажовузкор оҳангни эшитдим. «Мен хоҳлайман, қила оламан ва мен буюраман» деган кайфиятдаги муносабатни у шахсий суҳбатимизда, ҳатто бир кун аввал ҳам, заррача намоён қилмаган эди.
Келишувда у қуйидагиларни айтишини маъқуллагандим:
1. Криштиану учун жорий мавсумда миллий терма жамоада амал қиладиган режани шахсан ўзим таклиф қилдим.
2. У миллий терма жамоа билан қанчалик яшашини ва уни қанчалик яхши кўришини, бутун дунёдаги нуфузи қанчалик катта эканини биламан. Айниқса, 24 йил давомида терма жамоага кўрсатган оғирлиги ва ижобий таъсири жуда катта.
3. Мен Криштиануга таклиф қилган режа қабул қилинди.
4. У ҳеч қачон менинг қарорларимни шубҳа остига қўймади. У намуна бўладиган даражада садоқатли ва профессионал бўлди.
5. Норвегияга қарши ўйин мен унга тузган режанинг бир қисми эмас эди. Аммо биринчи учрашувдан кейин унинг жисмоний ҳолати тикланганини ҳис қилдим ва ундан фойдаланишим мумкинлигини айтдим. Криштиану бунга рози бўлди.
6. Пеле ёки Марадона даражасидаги футболчини исиниш учун майдонга чиқариб, кейин ўйинга туширмаганим — менинг хатом. Агар бугунги кунга қайтиш имконим бўлганида, бундай қилмаган бўлардим.
7. Масалага нуқта қўйиш учун айтаман: мен Криштиануни миллий терма жамоада хоҳлайман. Аслида, шунчаки хоҳламайман — уни жуда-жуда хоҳлайман. Яхшиямки, у ҳам менга ишонади. У «Ал-Наср»да ҳам менга ишонган, бу ерда ҳам ишонч билдиряпти.
8. Мухлислар билан саломлашмагани ҳақида. Биз бу ҳақда аллақачон гаплашганмиз. Миллий терма жамоа сафида 230 дан ортиқ ўйин ўтказган инсонга Португалияни севиш ҳақида мен дарс бермайман. Бу — бир лаҳзалик хафалик эди ва у ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Ахир у мухлисларга энг кўп автограф беради, энг кўп селфига тушади ва уларга энг кўп меҳр кўрсатадиган футболчи. Мавжуд бўлмаган муаммони ўйлаб топмайлик.
Демак, бу келишилган ва айтилиши керак бўлган гапларнинг бирортасида ҳам мураббий мендан узр сўраши кераклиги ҳақида гап йўқ эди.
Бу унинг менга берган ваъдасининг иккинчи марта бузилиши эди»
Криштиану Роналду
@footballsays