Президент топшириғи амалда: Қашқадарёда яйловларни ўзлаштириш ва чорва озуқаси етиштириш ишлари кенгаймоқда
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг яйловлар деградациясининг олдини олиш, сув таъминотини яхшилаш ҳамда ерлардан самарали фойдаланиш юзасидан ўтказилган тақдимотда берган топшириқлари асосида Қашқадарёда амалий ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, "Agrostar Holding" раҳбарияти ташаббуси билан Нишон туманида пивот ускуналари орқали суғориш имкони бўлмаган 30 гектар яйлов майдонига дрон ёрдамида қурғоқчиликка чидамли, суғориш талаб қилмайдиган рижик ва валда озуқабоп ўсимликларининг уруғлари тажриба тариқасида экилди.
Шунингдек, "Қашқадарё-Агро Star" МЧЖ томонидан Нишон туманидаги 570 гектар майдонга Австриянинг "BAUER" компаниясида ишлаб чиқарилган 10 та замонавий пивот ёмғирлатиб суғориш ускунаси ўрнатилди.
Мазкур майдонларда Туркия, Италия ва Ўзбекистоннинг турли навдаги беда уруғлари, шунингдек, тритикале, арпа, жавдар, сули ва бошқа озуқабоп экинлар экилди. Бу борада тажриба ва намойиш майдонлари ҳам ташкил этилган.
Муборак туманида ҳам ушбу йўналишдаги ишлар бошланган. Жумладан, 61 гектар майдоннинг 30 гектарига "Тошкент-1" навли беда, 31 гектарига эса "Кумушсимон Прак" навли тритикале уруғлари экилди.
Бундан ташқари, тумандаги 12 гектар ер майдонига Туркиянинг "Nexera" ва "Elektus" навли маккажўхори уруғлари такрорий экин сифатида экилган. Ушбу экинлардан чорва озуқаси учун кўк масса шаклида ҳосил олиш режалаштирилган.
Айни пайтда ҳар икки туманда янги озуқабоп экинларни маҳаллий шароитга мослаштириш, сувдан тежамкор фойдаланиш ва чорвачилик учун мустаҳкам озуқа базасини яратиш бўйича ишлар давом этмоқда.
Қуйидаги линкни босинг ва Қашқадарёликларга қўшилинг👇
https://telegram.me/joinchat/AAAAAEag43PSTC9kTJgRaQ