ОДИЛ ЁҚУБОВ
Саксонинчи йилларнинг талотўп даври эди,
Ижод отхонасига сайис бўлиб қолдингиз.
Ташқаридан боққанда гўёки омад келди,
Ёзувчилар аҳлига раис бўлиб қолдингиз.
Жасур сафдошлар билан энг катта минбарларда,
Сиз ҳам ўзбекнинг шаънин қилолдингиз ҳимоят.
Аммо улкан ҳудуднинг шаҳру гузарларида
Амалга ишқибозлик ортиб кетди ниҳоят.
Йўлбошчи бўламан, деб оддий мулладан тортиб,
Ҳаваскор шоиргача чиққан эди ўртага.
На темиру на пўлат — неча бир чулчут адиб,
Эрта-кеч бошингизни айлантирди жўрттага.
Сиз одамлар қалбининг адиби эдингиз-ку,
Наҳотки билмасдингиз уларнинг айёрлигин.
Манфаати йўлида дуч келса ҳали сиз-ку,
Отасининг гўрин ҳам сотишга тайёрлигин.
Наҳотки билмасдингиз бу қавмнинг кимлигин,
Ҳасадгўй ва даврачи, шуҳратпараст, олифта.
Олими ҳам кўрмайди бу жаҳоннинг кенглигин,
Барчани тиқиштирар ўзи чизган қолипга.
Ҳолбуки англардингиз зулмат билан зиёни,
Улуғбекнинг бошини ўз ўғли еганлигин.
Энг буюк ватан бўлмиш муҳташам Осиёни,
Келгинди ёвдан аввал тарқоқлик енгганлигин.
Англардингиз аслида Олойлик қотил кимдир,
Инсонпарвар ёзувчи Чингиз кимдир дунёда.
Бир қараса, феълингиз мулойимдир, ҳалимдир,
Бир қараса, қаҳрингиз нортуядан зиёда.
Бир куни оҳ чекдингиз ёлғиз қолган пайтимиз,
Нега мен шу қавмга ўралашиб қолдим, деб.
Эҳ, оқсоқол, элга сиз кўп ўгитлар айтдингиз,
Эзилманг, дедим сизга пушаймонлик ғамин еб.
Бироқ дилдан ўтарди тамомила бошқа гап,
Тинчгина ижод қилиб юрсангиз бўлмасмиди.
Абдулла Қаҳҳор ёки устоз Ойбекка ўхшаб
Холис бир қўрғон бўлиб турсангиз бўлмасмиди.
Руҳингиз топсин ором, сиз тарихий йўлларда,
Иймонли инсонларга чин йўлдош бўлолдингиз.
Истиқлол байроғини баланд тутиб қўлларда,
Асл, буюк зотларга замондош бўлолдингиз.
✍2014 йил 9 май
t.me/abdullaorifijodi







![НАБОР В АДМ× 𝒀𝒖𝒓𝒊 𝑪𝒐𝒏𝒇𝒆𝒔𝒔𝒊𝒐𝒏 & 𝑫𝒂𝒊𝒍𝒚 ✿ [🔪💜] Telegram channel](https://cdn.tgdio.com/channels/2026/08/YuriDDLCConfession.webp)






