‼️ 21-аср таълими учун 19-аср баҳолаш модели ёҳуд таълимни ривожлантиришнинг эски рецепти
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларимуҳокамаси порталига “Олий таълим ташкилотларида талабалар билимини баҳолаш ва назорат қилиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори лойиҳаси
https://regulation.adliya.uz/project/10597/33356?contentLang=oz. Лойиҳага кўра, 100 баллик баҳолаш тизими сақланиб қолади. Бунда жорий назорат учун 30 балл, оралиқ назорат учун 20 балл ва якуний назорат учун 50 балл ажратилиши таклиф этилган.
Ушбу лойиҳани Бош вазирга ким тақдим этганини билмайман, бироқ қарордаги ёндашувлар замонавий таълим тамойилларига мос келмаслиги ва таълимни тушунмайдиган шахс томонидан ишлаб чиқилгани кўриниб турибди. Келинг, таҳлил қиламиз.
Биринчидан, оралиқ назоратга 20 балл, якуний назоратга эса 50 балл ажратилиши совет даврининг сарқитидир. Чунки бунда семестр давомида тўпланадиган умумий баллнинг 70 фоизи имтиҳонлар ҳиссасига тўғри келади. 30 йилдавомида имтиҳонга ҳаддан ташқари боғланган тизимнинг камчиликларини унинг маҳсулоти орқали кўриб келдик.
Замонавий халқаро таълим амалиётида одатда оралиқ назоратга 20–25 балл, якуний назоратга эса 30–35 балл атрофида улуш ажратилади. Умуман олганда, ҳар икки имтиҳон учун максимал 50 балл ажратилиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман. Чунки талаба фақат имтиҳонга тайёрланиш билан чекланиб қолмасдан, ўз билимларини амалиётда қўллаши, лойиҳалар яратиши, мустақил изланиши ва реал муаммолар устида ишлаши керак.
Талабанинг имтиҳонлардан ташқари ривожланиши учун қуйидаги фаолиятлар муҳим аҳамиятга эга:
1) мустақил топшириқлар (assignments);
2) лаборатория ишлари;
3) курс лойиҳалари;
4) квизлар;
5) саноат ва ташкилотлар билан ҳамкорликдаги лойиҳалар;
6) гуруҳ лойиҳалари;
7) илмий мақолалар тайёрлаш ва бошқа амалий фаолиятлар.
Менинг таклифимга кўра, баҳолаш тизимида қуйидаги тақсимот мақсадга мувофиқ бўлади:
• Оралиқ назорат – 20 балл;
• Якуний назорат – 30 балл;
• Жорий назорат – 50 балл.
Талаба ўқитувчи ёки имтиҳонга қарам бўлиб қолмасдан, кўпроқ ижодкор, креатив, мустақил фикрлайдиган ва мустақил таълим олиш кўникмаларига эга мутахассис сифатида шаклланиши керак.
Шунингдек, жорий назорат баллари ҳам умумий кўринишда берилмасдан, аниқ мезонлар асосида тақсимланиши лозим. Акс ҳолда, айрим ҳолларда таълим натижаларига катта ҳисса қўшмайдиган ёки сифати паст топшириқларга асоссиз равишда юқори балл бериш ҳолатлари юзага келиши мумкин. Масалан, оддий реферат учун катта миқдорда балл ажратиш талабанинг ҳақиқий билим ва кўникмаларини баҳолашга хизмат қилмайди.
Шу сабабли, замонавий олий таълимда баҳолаш тизими фақат имтиҳон натижаларига эмас, балки талабанинг бутун семестр давомида амалга оширган фаолияти, эгаллаган амалий кўникмалари, ижодий ёндашуви ва мустақил таълим олиш қобилиятига асосланиши керак.