КОНТРАКТ ТЎЛОВИ 1 НОЯБРГАЧА УЗАЙТИРИЛДИ, ТАЛАБАЛАР УЧУН ТАЪЛИМ КРЕДИТИ ВА БАРЧА ИМТИЁЗЛАРНИ БИТТА ПОСТДА ЖАМЛАДИК
Талабалар ва уларнинг ота-оналари учун яхши янгилик. 2026/2027 ўқув йили учун контракт тўловларини амалга ошириш муддати 1 ноябргача, шу куни ҳам узайтирилди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги
расман хабар берди. Янги муддат бакалавриат ва магистратурага ўқишга тавсия этилган абитуриентлар, ўқиши кўчирилган, кўчириб тикланган ҳамда ўқишга қайта тикланган талабаларга тааллуқли.
1 ноябрга қадар оддий контрактнинг йиллик суммасидан камида 25 фоизи, супер-контрактнинг эса камида 50 фоизи тўланиши керак. Масалан, йиллик контракт 12 млн сўм бўлса, ҳозирча 3 млн сўм, супер-контракт 60 млн сўм бўлса, камида 30 млн сўм тўлаш талаб этилади. Контракт тўлаш учун 14 фоизли таълим кредити, супер-контракт учун тижорий кредитлар, педагоглар фарзандларига 30 фоизлик чегирма ва 12 фоизлик солиқ имтиёзи мавжуд. Шунингдек, ётоқхона, ижара компенсацияси ва бошқа хизматларни ҳам онлайн расмийлаштириш мумкин. Қуйида ҳаммасини ҳаволалари билан жамладик.
☑️ Оддий контракт учун 14 фоизли имтиёзли таълим кредити олиш мумкин. Ушбу кредит Ўзбекистондаги давлат, хусусий ва хорижий ОТМлар ҳамда уларнинг Ўзбекистондаги филиалларида кундузги таълим шаклида контракт асосида ўқиётган Ўзбекистон фуқароларига берилади.
▪️1-курс талабалари контракт суммасининг 100 фоизигача кредит олиши мумкин. 2-курс ва ундан юқори босқичда GPA кўрсаткичи 3,0 дан паст бўлса, контрактнинг кўпи билан 80 фоизи кредит ҳисобидан қопланади, қолган 20 фоизи олдиндан тўланади. GPA 3,0 ва ундан юқори бўлса, 100 фоизигача кредит ажратилади. Ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган оилалар фарзандлари учун алоҳида имтиёзлар мавжуд.
▪️Йигитлар учун йиллик ставка 14 фоиз, хотин-қизлар учун эса кредит фоизлари давлат маблағлари ҳисобидан қопланади. Асосий қарзни қайтариш ўқиш тугаганидан кейинги еттинчи ойдан бошланиб, 7 йил давом этади. Йигитлар эса фоиз тўловларини кредит ажратилганидан бошлаб амалга оширади. Бу тартиблар Президентнинг
ПФ–82-сон фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг
527-сон қарори билан белгиланган.
☑️ Таълим кредити учун банкка бориш шарт эмас, камида 5 та банк мобил илова орқали ариза топшириш имкониятини яратган.
🏦 Асакабанк — Asakabank мобил иловасида таълим кредитига онлайн ариза топшириш мумкин. Кредит йиллик 14 фоиз ставкада, ўқиш даврига қўшимча 7,5 йилгача муддатга ажратилади. Асосий қарз бўйича имтиёзли давр ўқиш даври + 6 ойни ташкил этади. ☎️ 1152
🏦 BRB — BRB мобил иловаси орқали таълим кредитига онлайн ариза топширилади. Хотин-қизларнинг фоиз тўловлари давлат томонидан қопланади, йигитлар учун ставка 14 фоиз.
🏦 Халқ банки —
Таълим кредити платформасида Халқ банки танланади ва жараён xazna мобил иловаси орқали давом эттирилади.
🏦 МКБанк — Mavrid мобил иловаси орқали таълим кредитига онлайн ариза топшириш мумкин.
🏦 Агробанк — Agrobank Mobile иловаси орқали кредитга масофадан ариза юбориш ва унинг ҳолатини кузатиб бориш имконияти мавжуд.
▪️Бундан ташқари, Асакабанк, Ўзмиллийбанк, Hamkorbank, BRB, Туронбанк, Алоқабанк, Агробанк, Халқ банки, МКБанк, ЎзСҚБ ва Ориент Финанс Банк каби банклар орқали имтиёзли таълим кредити олиш мумкин. Аризани банк иловасидан ташқари
my.gov.uz ёки
Таълим кредити ахборот тизими орқали ҳам юбориш мумкин. Муҳими, ариза топшириш кредит автоматик тасдиқланади дегани эмас. Давлат дастуридаги аризалар 5 иш кунида кўриб чиқилиши белгиланган. Шунинг учун 1 ноябрни кутиб ўтирмасдан, ҳозирдан ариза топширган маъқул.
☑️ Супер-контракт учун ҳам кредит олиш мумкин, лекин шартлар бошқача. Супер-контракт одатда давлат дастуридаги 14 фоизли таълим кредити орқали эмас, банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ажратиладиган тижорий таълим кредитлари орқали молиялаштирилади.
🏦 Ўзмиллийбанк — бакалавриат талабаларига 36 ойгача йиллик 22 фоиз, 60 ойгача йиллик 24 фоиз ставкада кредит таклиф қилади. 12 ойгача имтиёзли давр мавжуд. Магистратура учун 36 ойгача йиллик 22 фоиз ставка қўлланади. ☎️ 1344
🏦 Бизнесни ривожлантириш банки —
«Таълим орзуси» кредити 2 млн сўмдан 100 млн сўмгача ажратилади. 2 йилга ставка 27 фоиз, 4 йилга 28 фоиз. Имтиёзли давр мавжуд эмас. ☎️ 1254
🏦 Алоқабанк —
таълим учун тижорий кредит 100 млн сўмгача, 60 ойгача муддатга йиллик 25 фоиз ставкада берилади. Имтиёзли давр мавжуд эмас. ☎️ 71-230-77-77
🏦 Ориент Финанс Банк —
таълим учун истеъмол кредити 250 млн сўмгача, 48 ойгача муддатга ажратилади. Таълим қийматининг камида 50 фоизи ўз маблағидан тўланган бўлса, ставка 25 фоиз, 50 фоиздан кам қисми тўланган бўлса, 28 фоиз бўлади. ☎️ 4004
☑️ Хорижда ўқиш учун ҳам алоҳида имтиёзли таълим кредити мавжуд. Вазирлар Маҳкамасининг
2026 йил 2 мартдаги 88-сон қарори асосида QS ёки THE халқаро рейтингларининг TOP–300 талигига кирган хорижий университетларда бакалавриат ёки магистратурада ўқиш учун бир ўқув йилига 20 минг АҚШ долларигача эквивалентда сўмда кредит ажратилади. Мазкур имконият белгиланган талабларга жавоб берадиган 30 ёшгача бўлган, шу жумладан 30 ёшдаги ёшлар ва педагог ходимлар учун назарда тутилган.
🏦 Асакабанк — хорижда таълим олиш учун 20 минг АҚШ доллари эквивалентигача, Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида кредит таклиф қилади. ☎️ 1152
🏦 Hamkorbank — хорижда ўқиш учун йилига 20 минг АҚШ долларигача эквивалентда, 14 фоиз ставкада кредит таклиф қилади. ☎️ 1256
🏦 Халқ банки —
«Таълим TOP–300» кредити орқали 20 минг АҚШ долларигача эквивалентда, Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида таълим кредити ажратади.
☑️ Педагогларнинг фарзандлари учун контракт суммасининг 30 фоизини давлат қоплаб беради. Вазирлар Маҳкамасининг
2026 йил 17 сентябрдаги 501-сон қарори билан давлат ОТМларида бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида, базавий контракт асосида ўқиётган педагоглар фарзандларига ушбу имтиёз жорий қилинди. Масалан, йиллик контракт 15 млн сўм бўлса, унинг 4,5 млн сўмини давлат қоплайди, ота-она эса 10,5 млн сўм тўлайди. Педагогнинг бир нечта фарзанди давлат ОТМида контракт асосида ўқиса, имтиёз ҳар бирига алоҳида қўлланилади. Бунинг учун
kontrakt.edu.uz орқали ариза юборилади. Маълумотлар тасдиқлангач, 30 фоизлик чегирма қўлланилади.
▪️Яна бир муҳим янгилик, контрактни олдиндан қисман ёки тўлиқ тўлаб қўйганлар ҳам 30 фоизлик чегирмадан фойдаланиши мумкин. Буни вазирлик
15 октябрдаги расмий тушунтиришида тасдиқлади. Ярим грант, ярим контракт асосида ўқиётган талабалар ҳам белгиланган шартларда имтиёздан фойдаланиши мумкин. Бироқ 30 фоизлик имтиёз супер-контрактга, нодавлат ва хорижий ОТМларга, қўшма таълим дастурларига ҳамда ҳарбийлаштирилган олий таълим ташкилотларига татбиқ этилмайди.
☑️ Контракт учун сарфланган маблағ бўйича 12 фоизлик даромад солиғи имтиёзидан ҳам фойдаланиш мумкин. Солиқ кодексининг 378-моддаси 16-бандига мувофиқ, белгиланган шартларда ўзининг, фарзандининг ёки 26 ёшга тўлмаган турмуш ўртоғининг ўқиши учун йўналтирилган даромадларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди. Масалан, фарзандингизнинг контракти учун 10,5 млн сўм тўланган бўлса, шартлар бажарилганда 1 млн 260 минг сўмгача даромад солиғи бўйича имтиёздан фойдаланиш мумкин. Бунинг учун тегишли миқдорда солиққа тортиладиган даромад бўлиши керак. Шунингдек, таълим кредитини, жумладан унинг фоизларини қайтаришга йўналтирилган даромадларга ҳам имтиёз татбиқ этилади. Аризани
my3.soliq.uz ёки Soliq мобил иловаси орқали юбориш мумкин.
Батафсил тартиб.
☑️ Талабаларга керак бўладиган бошқа хизматларни ҳам телефондан туриб ҳал қилиш мумкин:
▪️
my.gov.uz орқали
ётоқхонага ариза бериш;
▪️ётоқхона навбатини текшириш;
▪️контракт шартномасини электрон олиш;
▪️ижара компенсацияси учун ариза бериш;
▪️ижара тўловлари ҳақида маълумот олиш;
▪️стипендияни текшириш,
давлат стипендиялари ҳақида маълумот олиш;
▪️
ўқиш жойидан маълумотнома олиш мумкин.
Ушбу давлат хизматлари бепул бўлиб, аксарияти учун ОТМга бориб навбат кутишга ҳожат йўқ. Айрим хизматлардан фойдаланиш учун OneID орқали шахсий кабинетга кириш талаб этилади.
👍Каналга уланиш👉🏻
@Bankxabar