Бухорода Абу Али ибн Сино илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 октябрдаги 575-сон қарори билан буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Али ибн Синонинг илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Қарор 2030 йилда аллома таваллудининг 1050 йиллигини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш доирасида қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, Бухоро давлат тиббиёт институти ҳузурида давлат муассасаси шаклида Абу Али ибн Сино
илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади.Марказда Ибн Синонинг тиббий мероси ўрганилиб, унинг илмий хулосаларини замонавий тиббиёт амалиётида қўллаш бўйича тадқиқотлар олиб борилади.
Шунингдек, хорижда сақланаётган қўлёзмаларни жамлаш, таржима қилиш ва уларнинг электрон платформасини яратиш, халқаро илмий тадбирлар ҳамда тиббиёт ходимлари учун ўқув курсларини ташкил этиш кўзда тутилган.
2026–2030 йилларда алломанинг «Мўъжаз ал-Қонун», «Қонунча», «Ал-Ишорат ва ат-танбиҳот», «Донишнома», «Китоб аш-Шифо» ва «Шарқ фалсафаси» каби асарлари араб тилидан ўзбек тилига илмий-изоҳли таржима қилиниб, босма ва электрон шаклда нашр этилади.
Шунингдек, 2026 йил октябрь ойида Тошкентда «Ибн Сино — Ғарб ва Шарқ фалсафий тафаккурининг буюк намояндаси» мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилиши, хорижий мамлакатларга илмий экспедициялар ташкил этилиши белгиланган.
Аллома меросини ўрганишга муносиб ҳисса қўшган олим ва тадқиқотчиларни рағбатлантириш мақсадида «Ибн Сино» халқаро мукофотини таъсис этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади. 2028 йил март ойига қадар Бухоро вилоятида унинг машҳур «Тиб қонунлари» асарига бағишланган маҳобатли монумент барпо этиш ҳам режалаштирилган.
Қарорда Ибн Синонинг болалиги ҳақида «Ҳусайн» номли бадиий фильм яратиш, ёшлар учун сунъий интеллект ва замонавий технологиялар асосида видеоконтентлар тайёрлаш, шунингдек, «Халқаро Ибн Сино соғломлаштириш марши» ва «Ибн Сино мадҳияси»ни ишлаб чиқиш каби вазифалар ҳам белгиланган.
Мазкур ташаббуслар буюк алломанинг бой илмий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, миллий ва жаҳон тиббиёти ривожига қўшган ҳиссасини чуқур ўрганиш ҳамда ёш авлоднинг илмий-маърифий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.
👉Каналга уланиш👈