Бадиий асар ёзишда матнга жон киритадиган, китобхонни воқеалар ичига олиб кирадиган бир муҳим жиҳат бор. Бу адабиётшуносликда «Айтма, кўрсат» (Show, don't tell) деб аталадиган олтин қоида. Бу шундай усулки, унда сиз ўқувчининг оғзига тайёр луқмани солмайсиз, хулосани қўлига тутқазмайсиз. Ҳолатларни, характерни, воқеликни шундай чизасизки, китобхон уни ўзи кўради, ўзи ҳис қилади. Келинг, бу усулни асарларимизда қандай қўллашни жонли мисолларда кўриб чиқамиз:
1. Туйғуларни номламанг, уларни чизинг. Қаҳрамоннинг ички кечинмасини шунчаки «у хафа бўлди», «қўрқиб кетди», «асабийлашди» деб номлаш энг осон ва энг жўн йўл. Сиз осонини изламанг. Ўша туйғу қаҳрамоннинг танасида, нигоҳида, нафас олишида қандай акс этаётганини кўрсатинг.
- Айтиш: «Аброр жуда асабийлашаётган эди.»
- Кўрсатиш: «Аброр чўнтагидаги калитни тинмай айлантирар, бармоқлари билан стол четини урарди. Пешонасидан сизиб чиққан совуқ тер кўзига тушгандагина тўхтади».
2. Сифатлашдан қочинг. Бир уйнинг ёки инсоннинг ҳолатини қуруқ сифатлар билан таърифлаш матнни ўлик ҳолатга келтиради. Ўқувчининг тасаввури ишлаши учун битта бўлса ҳам «гапирадиган» детални топиб бера билиш керак.
- Айтиш: «У жуда қашшоқ яшарди, уйи эски эди».
- Кўрсатиш: «Хона тўридаги жавоннинг бир эшиги қийшайиб осилиб турарди. Уч кундан бери ёнаётган бир парча шам эса бурчакдаги синиқ пиёла устига ёпишиб қолганди».
3. Диалогларни ҳаракат билан жонлантиринг. Қаҳрамонларингиз худди саҳнада ҳаракатсиз тургандек шунчаки гаплашмасин. Улар гапираётганда нима биландир банд бўлсин, кўзини олиб қочсин, қўллари титрасин. Мана шу майда ҳаракатлар суҳбатнинг асл вазнини белгилайди.
- Айтиш: «— Мен сени бошқа кўришни хоҳламайман, — деди Нигора жаҳл билан».
- Кўрсатиш: «— Мен сени бошқа кўришни хоҳламайман... — Нигора кўзидаги ёшни кўрсатмаслик учун тескари ўгирилди-да, эшикни қаттиқ ёпиб чиқиб кетди».
Машқ:
Ёзган қораламангизни қайта ўқишда ҳис-туйғу ва ҳолатни англатувчи қуруқ сўзларни чизиб чиқинг. Кейин уларни бутунлай ўчириб, ўрнига ўша ҳолатни ифодаловчи ҳаракат ёки деталлар жойланг. Китобхонга тайёр хулоса эмас, жонли манзара керак. У асар қаҳрамонлари билан бирга яшашни истайди.
Ижодий изланишлардан чарчаманг, қаламингиз ўткир бўлсин!