⚡️“Автомобилсиз кун”да хизмат машинасида юрган амалдорларга қандай чора кўрилади?
Бу — шунчаки одоб-ахлоқ қоидасини бузиш эмас, балки Президент фармони талабига риоя қилмаслик
Автомобилсиз кунни эълон қилиш осон. Лекин уни, аввало, шу ташаббусни белгилаган давлат идораларининг ўзига татбиқ этиш анча қийин. Чунки фуқаролардан шахсий автомобилдан воз кечиш сўралаётган бир пайтда давлат хизматчиси хизмат машинасида бемалол юрса, белгиланган қоиданинг ўзи эмас, унга бўлган ишонч ҳам бузилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 25 мартдаги ПФ-46-сон фармони билан 1 майдан бошлаб ҳар ойнинг 10 ва 25 саналарида “Автомобилсиз кун” акциялари ўтказилиши белгиланган. Ушбу кунларда давлат фуқаролик хизматчиларига хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш қатъиян тақиқланган.
Бу ерда “тавсия этилади” ёки “имкон қадар фойдаланмаслик керак” деган юмшатилган иборалар йўқ. Тақиқ бор. Демак, давлат хизматчиси учун хизмат машинасини гаражда қолдириш ихтиёрий танлов эмас.
Тақиқни бузган амалдорга қандай чора кўрилади?
Президент Фармони — ижро этилиши шарт бўлган мажбурий ҳужжат. “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунга кўра, давлат хизматчиси қонунчилик ҳужжатларига риоя қилиши шарт. Шунингдек, давлат хизматчилари Президентнинг фармонлари, қарорлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилиши лозим.
Шундай экан, “Автомобилсиз кун”да хизмат автомобилидан фойдаланган ходимнинг ҳаракати интизомий масала сифатида кўриб чиқилиши мумкин. Қонуннинг 46-моддасида интизомий жазонинг бир нечта тури белгиланган. Улар орасида ҳайфсан, жарима, малака даражасини пасайтириш, лавозимни пасайтириш ва энг оғир чора сифатида эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш ҳам бор.
Демак, хизмат машинасидан фойдаланган амалдор “бунинг учун ҳеч қандай жавобгарлик йўқ”, деб ҳисоблай олмайди. Қолаверса, “Автомобилсиз кун”да хизмат машинасига миниб юриш — бу шунчаки одоб-ахлоқ қоидасини бузиш эмас, балки тўғридан-тўғри қонун ва Президент фармони талабига менсимаслик билан қарашдир.
Қарорнинг ижросини ким назорат қилади?
Бу ерда бошқа масала ҳам бор. “Автомобилсиз кун”да давлат хизматчиси хизмат машинасидан фойдаландими йўқми, буни ким назорат қилади? Қоида бузилгани қандай қайд этилади? Барча давлат идораларида бир хил чора кўриладими?
Чунки оддий фуқарога “экология учун автомобилдан фойдаланманг”, дейиш осон. Аммо давлат идорасида хизмат машинасида юрган амалдорга ҳам худди шу талабни қўллаш — ташаббуснинг ҳақиқий синови.
Агар қоида фақат қоғозда қатъий бўлиб, амалда “таниш-билиш”, лавозим ёки хизмат зарурати деган баҳоналар билан четлаб ўтилса, “Автомобилсиз кун”нинг ўзи ҳам навбатдаги расмий акцияга айланиб қолиши мумкин.
Албатта, хизмат автомобилидан фойдаланиш зарур бўладиган фавқулодда ёки алоҳида хизмат ҳолатлари бўлиши мумкин. Лекин бундай ҳолатлар аниқ мезонлар билан ажратиб қўйилиши керак. Акс ҳолда “хизмат зарурати” деган тушунча тақиқни четлаб ўтиш учун қулай баҳонага айланиши ҳеч гап эмас.
Қоида ҳамма учун бирхил ишлаши керак
“Автомобилсиз кун”нинг самараси фақат кўчаларда автомобиллар сони қанчага камайгани билан ўлчанмайди. Бу ташаббус давлат хизматчиларининг ўзи белгилаб берилган қоидаларга қандай муносабатда бўлиши билан ҳам баҳоланади.
Шунинг учун хизмат автомобилидан фойдаланган амалдорни жазолаш масаласида ҳам икки хил ёндашув бўлмаслиги керак. Биринчи навбатда қоида бузилгани аниқланиши, кейин эса қонун талаблари асосида унинг ҳолатига ҳуқуқий баҳо берилиши лозим.
📱
http://ROST24.uz/ 📱📱
https://www.facebook.com/profile.php?id=61556598202505&mibextid=ZbWKwL📱
https://www.instagram.com/rost24uz/📱 http://youtube.com/@rost24official?si=otmDba5c_KW8ytF9