
Новкат маҳалласида: хонадонбай ўрганиш, янги имкониятлар ва даромад манбалари
----------
📌Бешариқ тумани ҳокими Илёсбек Новиков Новкат маҳалласида хонадонбай ўрганиш ишларини олиб бориб, аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш ҳамда камбағалликни қисқартиришга қаратилган микролойиҳалар билан танишди.
🖇Ўрганишлар давомида хонадонларда яратилаётган имкониятлар, тадбиркорлик ташаббуслари ва мавжуд муаммолар ўрганилиб, ҳар бир оила учун аниқ ечимлар белгилаб олинди.
🔍Сутчилик — даромадли йўналиш: Собиржон ака Темиров хонадонида 20 бош соғин сигир парваришланмоқда. Хонадонда сутни махсус аппарат ёрдамида соғиш йўлга қўйилган бўлиб, кунига 200 литргача сут олиш мақсад қилинган. Келгусида чорвачиликни янада кенгайтириш ва маҳсулот ҳажмини ошириш бўйича таклифлар билдирилди.
🖇Сутни қайта ишлаш — қийматни бир неча баробар ошириш: Мамажонов Жамшид сутни қайта ишлаш йўналишида фаолият юритмоқда. Тадбиркор бир кунда 8 тонна сут қабул қилиб, уни қайта ишлаш орқали маҳсулот қийматини оширишни мақсад қилган. Ҳозирда бринза ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Тадбиркорнинг ҳисоб-китобларига кўра, ойлик айланмани 300 миллион сўмгача етказиш имконияти мавжуд. Фаолиятни кенгайтириш учун 100 миллион сўм кредит олинган. Яқин кунларда Миллий банк томонидан яна 150 миллион сўм кредит ажратилиши кутилмоқда.
🔍Хонадондаги меҳнат — оила даромади: Камбағаллик реестридаги Абдуллаева Мавлуда уй шароитида сомса тайёрлаб, сотиш орқали даромад топмоқда. Фаолиятини кенгайтириш мақсадида субсидия асосида махсус печ олиб бериш масаласи масъул ҳоким ёрдамчиси томонидан назоратга олинди.
🖇Яна бир реестрдаги оила — Пайғамбарқулова Мафтуна хонадонида оилавий даромад манбасини яратиш мақсадида 30 миллион сўм кредит ажратиш, ўзини ўзи банд қилиши учун соғин сигир олиб бериш бўйича келишувга эришилди.
🔍 Кичик ишлаб чиқариш — янги иш ўринлари: Ибрагимов Шаҳзоднинг фаолияти ҳам эътибордан четда қолмади. Унинг ишлаб чиқариш фаолиятида 5 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Хонадонда фасад ва брусчатка маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Шерматов Абдукабир ҳам 5 нафар ишчини иш билан таъминлаб, фасад ва брусчатка маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда.
🖇Ижтимоий реестрдаги оила — бандликка йўл: 4 нафар фарзанди бор Туронова Қаноатхон ижтимоий реестрдаги ишсиз оила вакили сифатида қайд этилган. Ўрганиш жараёнида унинг доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш ва ишга жойлаштириш масаласи муҳокама қилинди.
🔍Туячилик — ноодатий, аммо даромадли йўналиш: Эралиев Раҳмонали ака хонадонида эса ўзига хос тадбиркорлик йўналиши — туячилик ривожлантирилмоқда. Айни пайтда хонадонда 8 бош туя парваришланмоқда. Туя сути шифобахш маҳсулот сифатида сотилмоқда. Раҳмонали аканинг таъкидлашича, ҳатто қўшни Тожикистондан ҳам туя сути истеъмол қилиш учун келувчилар бор. Оила туячилик билан 6 йилдан буён шуғулланиб келмоқда. Энди эса зотдор эркак туя харид қилиб, подани кўпайтириш, келувчилар учун махсус хоналар ташкил этиш ва ушбу йўналишни янада ривожлантириш режалаштирилган. Тадбиркорнинг айтишича, 1 литр туя сути 50 минг сўмгача сотилади. Фаолиятни кенгайтириш учун кредит олиш истаги билдирилди.
🖇Хонадонбай ўрганишларнинг асосий мақсади — ҳар бир оилани даромадли меҳнатга жалб этиш, мавжуд имкониятларни ишга солиш ва ташаббусларни амалий қўллаб-қувватлаш.
🔍Туман раҳбари ўрганишлар давомида масъулларга ҳар бир хонадон билан индивидуал ишлаш, аниқ натижага қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва мурожаатларни жойида ҳал этиш бўйича тегишли топшириқлар берди.
📍Новкатдаги бугунги манзара бир ҳақиқатни кўрсатмоқда: имконият бор жойда ташаббус, ташаббус бор жойда эса даромад ва янги иш ўринлари пайдо бўлади.
✍️Саҳифа: