#amaliyot
Ишдан бўшаётган ходимга (якшанбани инобатга олмасдан) "расчётной" бериш тартиби
Ходим билан тузилган меҳнат шартномаси ҳар қандай асос билан бекор қилинганида ҳам Меҳнат кодексининг (кейинги ўринларда - МК) 234-моддаси биринчи қисмига кўра фойдаланилмаган ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътиллари учун ходимга пулли компенсация тўланади.
Компенсацияни ҳисоблаб чиқариш учун МКнинг 224-моддасидаги ҳар йилги меҳнат таътили давомийлигини ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқариш тартиби “формуласи”ни ўрганиб олсангиз кифоя.
Қаранг, ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда унинг давомийлиги ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътилининг тўлиқ миқдорини 12 га бўлиш ҳамда тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади. Бунда 15 календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган ортиқча кунлар бир ой деб яхлитланади, 15 календарь кундан ками эса ҳисобга олинмайди. Ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда меҳнат таътили кунлари умумий давомийлигини ҳисоблашда олинган 0,5 га тенг ва ундан кўп ўнликлар бир кун деб яхлитланади, 0,5 дан ками эса ҳисобдан чиқариб ташланади.
❗️Асосий ва қўшимча меҳнат таътилининг тўлиқ миқдори – МКнинг 217, 218, 219, 220-моддаларидаги таътиллар ҳамда жамоа шартномасида кўрсатилган қўшимча таътилларни 222-моддага асосланган ҳолда қўшиб жамлаб белгиланади.
Мана энди турли лавозимларда фаолият олиб бораётган ходимларга тегишли таътилининг тўлиқ миқдорини 12 га бўлиб “таътил формуласини” чиқарамиз. Масалан:
21:12=1,75; 24:12=2; 27:12=2,25; 30:12=2,5; 33:12=2,75; 36:12=3; 48:12=4; 56:12=4,666...
Энди уни тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш учун ишланган ойлар чиқариб олинади. Бунда, ходимнинг кириб келган иш йилидан (ёки ходим биринчи иш йили учун таътилдан фойдаланмаган бўлса, иш бошлаган кундан) меҳнат шартномаси бекор қилинаётган кунга қадар ишлаган ойлари олинади.
Масалан, ходимнинг тўлиқ таътили миқдори 21 календарь кундан иборат. У 05.10.2024 йилда ишга қабул қилинган, 12.03.2025 йилда у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинмоқда. Демак, ходим 5 ой 7 кун ишлаган. Яна 224-моддага қайтамиз: 15 календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган ортиқча кунлар бир ой деб яхлитланади, 15 календарь кундан ками эса ҳисобга олинмайди. Ходим ишлаган 7 календарь кунни ҳисобга олмаймиз ва ходим ишлаган ойлари сони 5 ойни ташкил этади.
✅Ниҳоят, якуний арифметик амал бажарилади: ходимнинг тўлиқ таътил миқдори (21 кун)ни ўн иккига бўлиб чиқариб олинган тегишли “формула”га унинг ишлаган ойлари сони кўпайтирилади: 1,75х5=8,75.
Энди ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда меҳнат таътили кунлари умумий давомийлигини ҳисоблашда олинган 0,5 га тенг ва ундан кўп ўнликлар бир кун деб яхлитланади, 0,5 дан ками эса ҳисобдан чиқариб ташланади деган қоидани ишлатамиз. Аниқланган сонимиз 8,75 чиқди ва 0,5 ўнликдан кўп бўлган 0,75 бир кун деб яхлитланади ва бунда 9 сони келиб чиқади.
✅Демак, ходимга фойдаланилмаган ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътиллари учун 9 кунлик пуллик компенсация ҳисобланади ҳамда МК 234-моддаси 3-қисмига мувофиқ (пулли компенсация тўлашда якшанба куни инобатга олинмай) 8 кунга пуллик компенсация тўланади.
Экспертимиз Раъно Исамитдинова
TelegramI
Instagram I
Youtube