Жанубий Кореяда хорижда содир этилган жиноятлар бўйича қидирувда бўлган 110 нафар чет эл фуқароси яшириниб юргани аниқланган. Улар орасида 19 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бор. Бу ҳақда Жанубий Корея Миллий полиция агентлиги маълумотларига таяниб, The Korea Times ёзди.
Энг кўп қидирув сўрови Хитой фуқароларига тўғри келган — 40 та. Кейинги ўринларда Ўзбекистон — 19 та, Мўғулистон — 17 та, Вьетнам — 13 та.
Жиноят турлари бўйича энг кўп ҳолат фирибгарлик билан боғлиқ — 47 та. Яна 29 та ҳолат болалар ва ўсмирларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларни бузиш, одам ўғирлаш, ноқонуний ушлаб туриш ва фоҳишалик билан боғлиқ бошқа жиноятлар тоифасига киритилган. Гиёҳванд моддалар билан боғлиқ 7 та, ўғирлик, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш, тан жароҳати етказиш ва зўравонлик бўйича эса ҳар бири 5 тадан ҳолат қайд этилган
Интерполдан сўров келиб тушганда Жанубий Корея Миллий полиция агентлиги гумонланувчи бўлиши мумкин бўлган ҳудуддаги полицияга уни қўлга олиш бўйича топшириқ беради. 2026 йилда халқаро ҳамкорлик билан шуғулланувчи ходимлар сони 22 нафардан 64 нафарга оширилган. Қидирувдаги хорижликларни ўз давлатларига қайтариш ҳолатлари ҳам кўпайган: ўтган йили 13 нафар бўлган бўлса, жорий йил августга қадар 24 нафар репатриация қилинган.
https://t.me/koreadaishelonlari




















