
5787-савол:
Ассаламу алейкум. Менга яна ёрдам керак.Уғлим жахон тиллари университетида рус филолгиясининг кечки таьлимнинг 4 курсини тугатиб, хозир амалиётда. Укиш йук. Амалиёт 15 сентябрдан 15 ноябргача экан. Декабрда диплом олади. Кечки булимда укиган.Лекин хозир ЁДЖУ да медицина факультетида укиябди, бир вактда иккита отм да. Эшитишимча бу мумкин эмас экан. Хар хил вариантлар этиябди одамлар. Илтимосим, шуни қонуний жихатдан аниқлаштириб беринг, эртага муаммо булмайдими, канақа йул тутсак булади?
ЮРИСТ ЖАВОБИ:
Ўғлингиз ҳозир амалиёт ўтаётган бўлса ҳам, ҳали Жаҳон тиллари университетини тамомлаган ҳисобланмайди. Амалиёт таълим жараёнининг бир қисми бўлиб, битирув ҳақида ректор буйруғи чиқарилиб, HEMISдаги мақоми «битирган» деб ўзгартирилгунига қадар у мазкур университетнинг талабаси ҳисобланади.
Бир вақтда иккита ОТМда ўқишга қонунчиликда тўғридан-тўғри ва аниқ тақиқ белгиланмаган. Лекин амалда HEMIS тизими бир шахсни ЖШШИР бўйича икки ОТМда бир вақтнинг ўзида фаол талаба сифатида рўйхатга олишга йўл қўймайди. Бу чеклов давлат ва нодавлат ОТМлари, шунингдек турли таълим шаклларида параллел ўқиш ҳолатларида ҳам муаммо туғдиради. Мазкур масала 2025 йилда сенатор сўровида ҳам алоҳида кўтарилган.
2026 йил 9 сентябрда жорий этилган HEMIS 1.9.57 версиясида талабанинг анкетасини тегишли бўлмаган бошқа ОТМ базасидан чиқариш хизмати яратилган. Бу ҳам тизимда бир шахс бўйича иккита мустақил фаол талаба мақомини сақлаш эмас, аввалги ёки нотўғри қайдни чиқариб, кейин янги ОТМда расмийлаштириш тартиби амал қилаётганини кўрсатади.
Агар ўғлингиз КИУТга «иккинчи олий таълим» тартибида қабул қилинган бўлса, бу қонуний эмас. Вазирлар Маҳкамасининг 606-сон қарори билан тасдиқланган Низом 3-бандига кўра, иккинчи ва ундан кейинги олий таълимга фақат бакалавр дипломига эга шахс қабул қилинади. Ўғлингиз декабрда диплом олгунига қадар бундай мақомга эга эмас. HEMISда ҳам иккинчи олий таълим талабаларини киритиш учун алоҳида функционал мавжуд.
Агар у КИУТга мактаб аттестати асосида оддий бакалавриатга қабул қилинган бўлса, қабул шартномаси тузилган бўлиши мумкин. Аммо Жаҳон тиллари университетидаги фаол талаба мақоми туфайли уни КИУТда HEMIS орқали тўлиқ расмийлаштиришда муаммо юзага келиши мумкин. Шунинг учун фақат шартнома ёки талабалик гувоҳномасига қараб хулоса қилиш тўғри эмас.
Ҳозир қуйидаги йўлни тутинг:
• КИУТ Регистратор офисидан қабул буйруғи кўчирмаси, HEMIS ID рақами ва тизимдаги мақоми ҳақида ёзма маълумот олинг;
• ўғлингиз Жаҳон тиллари университетида декабргача талаба эканини яширмасдан, КИУТга ёзма равишда маълум қилинг;
• my.gov.uz орқали ўқиш жойидан маълумотнома олиб, қайси ОТМ талабаси сифатида кўринаётганини текширинг;
• Жаҳон тиллари университетидан ҳозир чиқиб кетманг, акс ҳолда амалиётни якунлаш ва диплом олиш хавф остида қолади;
• КИУТдан ўғлингизнинг HEMISдаги фаол мақомини биринчи ОТМда битирув буйруғи чиққанидан кейин расмийлаштиришни ёки қабулни шу вақтгача ҳуқуқий жиҳатдан сақлаб туришни ёзма равишда сўранг.
❗️Хулоса қилиб айтганда, ўғлингизнинг ҳозир икки ОТМда дарс ёки амалиётда қатнашаётгани жавобгарликка сабаб бўлмайди. Лекин HEMISда икки ОТМ бўйича бир вақтда фаол талаба мақомини расмийлаштириш муаммоли.
✅ Энг хавфсиз йўл — Жаҳон тиллари университетини декабрда тўлиқ тамомлаб, HEMISда «битирган» мақоми қайд этилгандан кейин КИУТдаги талабаликни тўлиқ расмийлаштиришдир.
Manba
➡️Foydali botimiz havolasi
@magistrscience
@magistrscience_group









