1/2❓ САВОЛ: Бугунги кунда баъзилар сунъий интеллектдан фойдаланиб турли тадбирларда, ҳатто тўйларда вафот этган одамларни гапиртириб видео ясашмоқда. Бу қанчалик тўғри?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бундай нарсалардан четда бўлиш керак бўлади. Чунки бу каби ишлар кўп жиҳатдан хато саналади.
Биринчидан, инсоннинг, айниқса, ота-онанинг ҳурмати уларнинг вафотидан кейин ҳам давом этади. Унинг суратидан видео ясаб, гапиртириш уларнинг ҳурматига маълум маънода зид ҳисобланади. Чунки улар видеодаги гапларни ҳақиқатда гапиргани йўқ. Демак, ҳақиқатга зид нарса эса ёлғон бўлади.
Иккинчидан, бундай ишнинг хатарли жойи бандалар учун ғайб ишларидан бири бўлган қабрдаги ҳаётга оид ҳолатларга журъат билан аралашиш бўлади. Бу инсон эътиқоди ва иймони учун хавфли саналади. Чунки айрим видеоларда ота-оналарнинг “биз яхшимиз, сизларни кўриб турибмиз, кузатиб турибмиз, сизлардан розимиз”, деган жойлари бор. Уларнинг қабрдаги аҳволи қандай эканини СИ ёки шу видеони ясаётганлар қаердан билмоқдалар?! Балки улар фарзандидан жуда рози эмасдир?!
Учинчидан, мазкур технология баъзи компаниялар томонидан амалга оширилаётган бир турдаги ўйин-кулгидир, аммо келажакда кўз ва бош ҳаракатидан ҳам ўтиб кетиши, киноя ва масхара қилиш, ҳақиқатларни сохталаштириш ва бузишда ишлатилиши мумкин. Янги технология "Deepfakes" (чуқур сохталар) деб номланувчи туркумга мансуб бўлиб, мутахассислар томонидан "номақбул технологиялар" қаторига киритилган.
Қолаверса, асли ғоянинг зарарларидан бири: суратларга ва ўтганларга боғланиб қолиш ҳамда ғам-қайғуларни янгилашдир.
Шунингдек, динимиз ота онани дунё ҳаётида розилигини олиш, вафотидан кейин солиҳ амаллар қилиб, уларнинг руҳларини шод этишга тарғиб қилади. Вафот этганларнинг расм ёки видеосини СИ ёрдамида ўзи хоҳлаганидек гапиртиргани билан улар тириклардан рози бўлиб қолмайди, балки уларнинг қилаётган гуноҳлари туфайли вафот этганлар маҳзун бўладилар. Зеро Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилган:
“Албатта сизларнинг амалларингиз вафот қилган қариндош-уруғларингизга кўрсатилади. У(амал)лар яхши бўлса, хурсанд бўладилар. Агар ундай бўлмаса: «Аллоҳ, уларни бизни ҳидоят қилганингдек ҳидоят қилмагунингча вафот эттирмагин», дейишади» (Имом Аҳмад ривояти). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
🌙MUSLIMSHOSH.UZ GA 📲 OBUNA BO'LING VA ULASHING🗣
✅ Instagram I ✅ Facebook I ✅ YouTube.










