🇺🇿🤝🇨🇳 Сирдарёда балиқчилик ва паррандачилик соҳасида йирик лойиҳалар амалга оширилади
Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Кадиров “Haid International Holdings Limited” компанияси ижрочи директори Chjan Guytszyun билан учрашиб, ҳудудда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Айни пайтда компания томонидан 92 гектар майдонда балиқчилик лойиҳаси ташкил этилмоқда. Инвесторлар лойиҳани кенгайтириш мақсадида қўшимча 200 гектар ер ажратиш ташаббусини илгари сурди.
Вилоят раҳбари таклифни қўллаб-қувватлаб, балиқчиликни кооперация асосида ривожлантириш, маҳаллий аҳолини Хитойнинг замонавий балиқ етиштириш технологияларига ўргатиш ва уларни ушбу жараёнга кенг жалб этишни таклиф қилди. Мазкур ёндашув орқали юзлаб иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ҳамда балиқчиликни янги босқичга олиб чиқиш имконияти мавжуд.
Учрашувда, шунингдек, балиқ еми ишлаб чиқариш заводи ва тухум йўналишидаги паррандачилик комплексини ташкил этиш лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди. Ушбу ташаббусларни амалга ошириш орқали вилоятда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни кенг жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати
Канал👉
@SirdaryoSadosi↗️