🇺🇿 Ўзбекистонда бизнесни рўйхатга олиш тадбири бошланди
Бугун, 15 октябрдан мамлакатимизда бизнесни рўйхатга олиш тадбири бошланди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 сентябрдаги ПФ–190-сон Фармонига мувофиқ, жорий йилнинг 15 октябрь санасидан 30 ноябрь санасига қадар ўтказилади.
🔵 Рўйхатга олиш жараёнида қуйидаги иқтисодий бирликлар қамраб олинади:
🔹 йирик, ўрта ва кичик корхоналар, микрофирмалар;
🔹 нодавлат нотижорат ташкилотлари;
🔹 хорижий корхоналарнинг доимий муассасалари ва ваколатхоналари;
🔹 якка тартибдаги тадбиркорлар;
🔹 фермер ва деҳқон хўжаликлари;
🔹 оилавий тадбиркорлар ва ҳунармандлар;
🔹 ўзини ўзи банд қилган шахслар;
🔹 рўйхатдан ўтмасдан иқтисодий фаолият юритаётган бошқа иқтисодий бирликлар.
📊 Рўйхатга олиш жараёнида қандай маълумотлар тўпланади?
Иқтисодий бирликларнинг амалдаги фаолият манзили, асосий ва қўшимча фаолият турлари, бандлик ҳолати, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш, интернет ва электрон савдодан фойдаланиш, экспорт-импорт ҳамда бошқа муҳим иқтисодий кўрсаткичлар ўрганилади.
📱 Рўйхатга олиш қандай ўтказилади?
Рўйхатга олувчи ходимлар иқтисодий бирликларнинг фаолият манзилларига ташриф буюриб, респондентлар билан юзма-юз суҳбат ўтказадилар ва маълумотларни планшет қурилмалари орқали электрон саволномага киритадилар.
Шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахслар учун
census.stat.uz ахборот тизими орқали мустақил онлайн рўйхатдан ўтиш имконияти ҳам мавжуд.
🔐 Муҳим! Бизнесни рўйхатга олиш текширув ёки назорат тадбири эмас. Тақдим этилган маълумотларнинг махфийлиги қонунчилик билан кафолатланади.
📞 Рўйхатга олиш бўйича саволлар юзасидан 1851 қисқа рақамли call-марказига мурожаат қилиш мумкин.
✅ Бизнесни рўйхатга олиш натижалари мамлакатимиз иқтисодиётининг ҳақиқий ҳолатини баҳолаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ҳудудларни ривожлантириш ва манзилли қарорлар қабул қилиш учун муҳим ахборот манбаи бўлади.
Ҳурматли тадбиркорлар! Барчангизни рўйхатга олиш жараёнида фаол иштирок этишга ва фаолиятингиз тўғрисида аниқ, ишончли маълумотларни тақдим этишга чақирамиз.
Ҳар бир маълумот тараққиёт учун хизмат қилади!
@census_2026