🔥 Газ таъминотидаги қонунбузилишлар: республика бўйлаб ўтказилган рейдлар натижаси
⚡️ Жорий куз-қиш мавсумида мамлакатимизда табиий газ тармоқларига уланмаган ҳудудлар аҳолисини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 12 сентябрдаги «Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори билан соҳани ислоҳ қилиш, газ ресурсларидан самарали фойдаланиш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмлари белгилаб берилган.
Лекин, халқ манфаатидан кўра шахсий манфаатини устун қўйган айрим соҳа ходимлари баъзи фуқаролар билан тил бириктириб, давлат томонидан ажратилган газ баллонларни асоссиз равишда қиммат нархларда сотиб, даромад топишга уринишмоқда.
Ана шундай салбий ҳолатларга чек қўйиш ҳамда давлат томонидан кўрсатилаётган ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг манзиллилиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда «Ўзэнергоинспекция» ходимлари томонидан жойларда рейд тадбирлари ўтказилмоқда.
❗️ Жорий йилнинг 19–21 октябрь кунлари республика бўйича 120 дан ортиқ ҳолат фош этилиб, шундан 39 та ҳолатда газ идоралари ходимларининг бевосита алоқадорликлари аниқланди. Тадбирлар давомида ноқонуний муомалада бўлган 3 мингдан зиёд газ баллонлари ва уларда сақланаётган 13 636 кг суюлтирилган газ маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинди.
👉
@tyxuzbek - энг тезкор ва махфий хабарлар каналига аъзо бўлинг!