1/14Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларни эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволаш мақсадида Ғиждувон туманида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалининг 22 нафардан иборат мутахассислар гуруҳи туманга ташриф буюриб, аҳоли саломатлигини баҳолаш, касалликларни аниқлаш ва зарур тиббий тавсиялар бериш бўйича хизмат кўрсатди.
Тиббий кўрикда 400 нафарга яқин фуқаро иштирок этди. Уларнинг 98 нафари ногиронлиги бўлган шахслардир. Кўрик натижаларига кўра, 292 нафар фуқарода турли касалликлар аниқланди. Ўзгалар ёрдамига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи I гуруҳ ногиронлиги бўлган икки нафар фуқаронинг хонадонига борилиб, тиббий кўрик ўтказилди.
Касаллик аниқланган беморларнинг 26 нафарига туман марказий шифохонасида, 8 нафарига эса вилоятдаги даволаш муассасаларида даволаниш тавсия этилди. Қолган 258 нафар фуқаронинг амбулатор шароитда ҳудудий оилавий поликлиникаларда даволаниши бўйича кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, 40 ёшдан ошган 27 нафар аёлга филиал гинекологлари томонидан тиббий маслаҳатлар берилиб, уларни соғломлаштириш чора-тадбирлари белгилаб олинди. Кўрик давомида «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»да рўйхатда турувчи, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож беморларга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирнинг муҳим йўналишларидан бири жарроҳлик амалиётлари бўлди. Филиалнинг травматолог ва жарроҳларидан иборат операцион бригадаси туманнинг шошилинч тиббий ёрдам бўлимида операциялар ўтказди. Амалиётлар туман мутахассислари иштирокида «Маҳорат дарси» шаклида ташкил этилди. Жумладан, кам таъминланган оилалардан бўлган икки нафар беморда кам инвазив, юқори технологияли мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилди.
Аниқланган касалликларни босқичма-босқич даволаш мақсадида туман соғлиқни сақлаш бўлими, марказий шифохона ва кўп тармоқли марказий поликлиника билан ҳамкорликда тегишли режалар ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, тадбир доирасида соғлом овқатланиш тамойилларини тарғиб этишга қаратилган «Соғлом турмуш тарзи дастурхони» ташкил қилиниб, унда парҳез таомлар намойиш этилди.
Бундай чуқурлаштирилган тиббий кўриклар аҳолига малакали тиббий ёрдамни яқинлаштириш, касалликларни эрта аниқлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади.
😎Бухоро тиббиёти









