#Мавлид
Ё Расулуллоҳ!
Эрурсиз барча оламларга раҳмат, ё Расулуллоҳ!
Эгибдур сизга бош аҳли рисолат, ё Расулуллоҳ!
Қудумингиз бериб Ийсо башорат, ё Расулуллоҳ!
Ёпилди Сиз билан боби нубувват, ё Расулуллоҳ!
Башар то рўзи маҳшар сизга уммат, ё Расулуллоҳ!
Келибдир наслингиз Одам Атодан пок фитратда,
Кимики сулбида сиз келдингиз, у иззу ҳурматда,
Қоринларким кўтармиш нурингиз, бори шарофатда,
Азалда руҳингиз Ҳақ қошида дўстликда, хуллатда,
Сизинг-ла топди Одам насли иззат, ё Расулуллоҳ!
Жаҳонга сиз етимлик доғи бирлан келган эрдингиз,
Она қорнидаёқ сиз отадан айрилган эрдингиз,
Гўдак кўз-ла падар қабрин кўрарга борган эрдингиз,
Ано бирлан кетиб, уйга аносиз қайтган эрдингиз,
Яратмиш сизда Ҳақ чексиз матонат, ё Расулуллоҳ!
Тушибдир сизга энг сўнгги Китоб, сўнгги пайғамбарсиз,
Набийлар қасрини бут айлагувчи ғишти акбарсиз,
Қўйиб бош саждага, йиғлаб, шафоатхоҳи маҳшарсиз,
Тутарсиз музтар уммат лабларига оби кавсар сиз,
Бу сувдан қайтарилгай аҳли бидъат, ё Расулуллоҳ!
Отингиз янграр Аллоҳ исми-ла минбар, минорлардан,
Буюкдир шаънингиз дунёдаги барча киборлардан,
Топиб эллар шарофат пойингиз босган ғуборлардан,
Нажот инсониятга келди сиз берган қарорлардан,
Оёғингизни ўпган топди ҳурмат, ё Расулуллоҳ!
Башардан бир вакил сиз сайр этибсиз икки оламни,
Топар икки жаҳон, бош эгса ким, бой бермайин дамни,
Кимики сизга душманлик қилибдир, истамиш ғамни,
Худо «таббат ядо» деб ҳукм қилмиш ундай одамни,
Топибсиз Арши Аълодан ҳимоят, ё Расулуллоҳ!
Имом бўлдингиз Исрода пайғамбарларга Ақсода,
Худо «мезбону», сиз «меҳмон» бўлибсиз Арши Аълода,
Малаклар тўшамиш сизга қанотин олий маъвода,
Келибдир сизга Жибрил «қоба қавсайни ав адно»да,
Пойингизга қўяр бош аҳли жаннат, ё Расулуллоҳ.
Гўзал ахлоқингизким айни Қуръони Карим ўлди,
Эрур Қуръон азим, бас, хулқингиз «хулқи азим» ўлди,
Ўзингиз пок, сўзингиз поку қалбингиз салим ўлди,
Ёнингизга келиб душман, ажаб, дўсти ҳамим ўлди,
Даво топди сизинг-ла барча иллат, ё Расулуллоҳ!
Сўзу ҳолу амал, тақрирингиз бизларга суннатдир,
Емак-ичмак, ўтирган-турганингиз бори ибратдир,
Худонинг амри биздан доимо сизга итоатдир,
Кўнгилда сизни севмоқнинг ўзи ҳам бир ибодатдир,
Ёмону яхшида сизга муҳаббат, ё Расулуллоҳ!
Гуноҳкор кўзларим кўрса, танир қош-кўзларингизни,
Гўзал қомат, муаттар жисму порлоқ юзларингизни,
Қулоқлар ўзгача тинглар эшитса сўзларингизни,
Нечукким ўрганибдир дил кеча-кундузларингизни,
«Набиййим», дейди тил, кўз кўрса «сурат», ё Расулуллоҳ!
Тушимда сизни кўрсам, розиман гар қайтмаса жоним,
Овозингиз эшитсам, сўнгра гунг бўлсам йўқ армоним,
Қўлингиз ушласам, майли, томирда қотса сўнг қоним,
Висолингиз учун қурбон муҳаббат бирла иймоним,
Бисотимда йўқ ўзга яхши қурбат, ё Расулуллоҳ!
Шафоатни дейибсиз умматимдан журм қилганга,
Гапирса жаннат аҳли не сабабли кирганин анга,
Шафоат-ла фахрлангум шаҳидлик бирла кирганга,
Гуноҳкор умматингиздан қилибдир шукр Роҳманга,
Нечукким сизга келтирдим шаҳодат, ё Расулуллоҳ!
Бугун бу осий уммат олдингизда кўп хижолатда,
Унутмиш суннатингиз, сийратингизни жаҳолатда,
Шу боис боши қолмиш юз балою зулму зулматда,
Қилур аҳд бўлгали бўлган каби даври саодатда,
Магар сиздан тиларлар бир шафоат, ё Расулуллоҳ!
Муаллиф: Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид
📖 «Ҳилол» журналининг
https://hilolnashr.uz/hilol-jurnali-82-sonСотиб олиш учун:
✍️
https://t.me/hilol_reception📞 +998712175999