
Салавотнинг самараси
Бўлган воқеа
Жума куни эди. Хожам билан бироз тортишиб қолгандик. У киши билан орамиз сал бузилса, дунёйим зулматга айланади. Ҳамма аёлда ҳам шундай бўлса керак. На қилган ишимда, на еган ошимда маза-матра сезаман. Ўша куни ҳам шу аҳволда эдим. Шарт турдим-да, юз-қўлимни ювдим, тирноқларимни олдим. Пешин намозигача Қуръон ўқидим. Энди юзта иброҳимия салавотини айтаман, шу салавотим тугагунча хожам қўнғироқ қилади ёки хабар юборади, дедим ўзимга ўзим. (Ишонинг, бу синалган услуб. Қачон бир муаммо пайдо бўлса, дарров иброҳимияни айтаман, ё ўзлари қўнғироқ қилади, ё "бисмиллаҳ" деб ўзим қўнғироқ қиламан. Қарабсизки, олам гулистон. Ҳабибимизга салавот йўллаш бир ибодат бўлса, аразлашганларни яраштириш учун зўр қўлланма ҳам.)
Хуллас, иброҳимия салавотини бошладим. Аммо ўзим билмайман, кўзим илинибди. Субҳоналлоҳ, алҳамдулиллаҳ, Аллоҳу акбар... Шу орада мен учун бу дунёда ўзимдан ҳам севимлигим, Ҳабибимни тушимда кўрдим: мендан сал нал нарироқда, яшил тўнда, оқ саллада кетяптилар. Кимдир "Ана, Расулуллоҳ кетяптилар", деди. Ё Ҳабибим, ёлғиз кетаётган эдингиз. Сизга қарадим, аммо юзингизни кўролмадим... Мавлид ойи... Жума куни... Ё Роббим, Сен нақадар буюксан, менинг сўраганим нима эди-ю, менга фазлинг билан кўрсатганинг ким бўлди!? Майли, яқиндан, ёнларидан кўролмадим. Аммо кўрдим-ку Ҳабибимни, шунинг ўзи менга бу дунё лаззатларига бадал эмасми? Ҳа, айтганча кечга қолмай хожам билан ҳам ярашиб олдик.
Аллоҳим, Сенга Ўзингга лойиқ ҳамду санолар бўлсин, Ҳабибингга – менинг Ҳабибимга ўзидай гўзал салавот ва саломлар бўлсин!
Оиша Шодиёр қизи,
Чирчиқ шаҳар
😀