Президент Шавкат Мирзиёев “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этиб, Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берди
Сўнгги беш йилда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилиб, ҳар йили 200 миллион туп кўчат экиб келинмоқда.
Ўтган даврда 2 минг гектардан зиёд майдонда 942 та яшил боғ ва яшил жамоат парклари, 47 та массивда “Янги Ўзбекистон боғлари” барпо этилди.
Республиканинг тоғ, чўл ва адир ҳудудларида 256 минг гектар ўрмон ташкил қилинди. Оролнинг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда яшил қопламали ҳимоя ўрмонзорлари яратилди. Шамол ва қум-чанг бўронларининг зарарли таъсирини олдини олиш мақсадида 33 та туманда 60 километрли “яшил белбоғ” ҳосил қилинди.
Қисқа даврда республикада яшиллик даражаси 8 фоиздан 14,2 фоизга ошди. Ўтган ҳафта имзоланган янги фармонга мувофиқ, 2030 йилга қадар мамлакатимизда умумий яшиллик даражасини 30 фоизга, жон бошига тўғри келадиган яшил ҳудудларни 10 квадрат метрга етказиш бўйича катта марра белгиланган.
Шу мақсадда Сурхондарёда 10 минг гектарда “яшил макон”, Сирдарёда 84 километрли “яшил девор” барпо этилади. Қорақалпоғистонда 1 миллион гектар, Навоий ва Бухорода 300 минг гектардан, Хоразмда 85 минг гектар чўл ҳудудида янги ўрмонзорлар яратилади.
Шунингдек, вилоят ҳокимларининг ҳар бири камида 100 гектар майдонда ботаника ва дендрология боғлари, 20 тадан соя-салқин сайр кўчалари ташкил қилишга масъул бўлади.
Илгари “Менинг боғим” дастури доирасида ҳар бир лойиҳага бюджетдан 250 миллион сўмгача маблағ берилган бўлса, энди бу миқдор 400 миллион сўмга оширилади. Ҳар бир яшил боғ ва жамоат парки учун аҳоли ўзи танлаган, яшаш ҳудудларига яқин ва энг муҳими, сув таъминоти мавжуд жойлардан 1 гектаргача ер ажратилади. Бу йилги мавсумдан Қонунчилик палатасининг ҳар бир депутатига ҳам ўз округида яшил ҳудуд ва яшил боғ яратиши учун 412 миллион сўмдан маблағ берилади.
Пойтахтимизда 108 гектар майдонда Миллий дендрология боғи ташкил қилинмоқда. Бу ердаги “Яшил” университет ҳудудида “Илм – лойиҳа – амалиёт” занжири асосида барпо этилаётган “ин-витро” лабораторияси, Доривор ўсимликлар ҳамда Уруғчилик ва селекция марказлари ҳам шу йилнинг ўзида ишга туширилади.
Тадбир якунида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокчилар билан биргаликда Миллий дендрология боғининг илк 5 гектар майдонида манзарали кўчатлар экди. Бу билан бир вақтда республикамизнинг барча ҳудудларида 21 мингга яқин юртдошимиз яна 164 гектар майдонда 88 минг туп кўчат ўтқазди.
👈
https://www.facebook.com/rasmiyxabarlarofficial/?ref=pages_you_manage |
https://www.instagram.com/rasmiy_xabarlar_/ |
https://t.me/rasmiymediakontent