Таълим ва илм-фан вазирлигида 5 364 та штат бирлиги белгиланди: Турдимовга кадрларни суҳбат асосида ишга олиш ваколати берилди
Ўзбекистонда янги ташкил этилган Таълим ва илм-фан вазирлигининг ташкилий тузилмаси, штат бирликлари тақсимоти ва тизимга кирувчи муассасалар рўйхати белгиланди. Шунингдек, вазир Эркинжон Турдимовга истисно тариқасида 2027 йил 1 февралга қадар вазирлик марказий аппаратига ходимларни тўғридан-тўғри суҳбат асосида ишга қабул қилиш ваколати берилди.
Президентнинг 2026 йил 19 октябрдаги ПҚ–380-сон қарорига мувофиқ, вазирликнинг жами бошқарув штат бирлиги 5 364 тани ташкил этади.
Вазирнинг тўрт нафар ўринбосари бўлади.
Агентликлар учун штат бирликлари қандай тақсимланган?
Қарорга кўра, Касбий таълим агентлигига 193 та, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига 172 та, Инновацион ривожланиш агентлигига 86 та ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигига 84 та штат бирлиги ажратилган.
Вазирлик тизимига нималар киради?
Тизимдаги асосий идоралар қаторига Инновацион ривожланиш, Касбий таълим, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентликлари киради. Касбий таълим агентлиги тизимига техникумлар ҳам киритилган.
Шунингдек, вазирлик тасарруфида таълим ва илм-фан йўналишидаги қатор марказлар ҳамда институтлар фаолият олиб боради. Улар орасида Рақамли таълим ва сунъий интеллектни ривожлантириш маркази, Олий таълимни ривожлантириш ва глобал ҳамкорлик маркази, Талаба-ёшлар билан ишлаш маркази, А. Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти, Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти ва Психология илмий-тадқиқот институти бор.
Тизимга, шунингдек, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази, таълим соҳасида овқатлантиришни ташкил этиш ва назорат қилиш маркази, Республика «Келажак» маркази ҳамда педагогик маҳорат марказлари киради.
Жамғармалар, махсус муассасалар ва нашриётлар ҳам вазирлик тизимида
Вазирлик тизимида Таълим соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси, Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси, «Меҳрли мактаб» давлат таълим муассасаси ҳамда Ёшларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш офиси ҳам бўлади.
Бундан ташқари, Афғонистон фуқароларининг ижтимоий фаоллигини ошириш маркази ва Жаҳон банки билан ҳамкорликдаги «Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш» лойиҳасини амалга ошириш гуруҳи ҳам тизимга киритилган.
Нашриёт ва оммавий ахборот воситалари йўналишида «Ўзбекистон» ва «Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи» МЧЖлари, шунингдек, «Маърифат», «Халқ таълими», «Учитель Узбекистана», «Тонг юлдузи», «Класс», «Ғунча», «Гулхан», «Бошланғич таълим», «Тил ва адабиёт таълими» ҳамда «Language and literature teaching» каби нашрлар таҳририятлари вазирлик тизимига киритилган.
Ҳудудларда бошқарув қандай ташкил этилади?
Ҳудудларда Қорақалпоғистон Республикаси Таълим ва илм-фан вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри таълим бошқармалари фаолият юритади. Туман ва шаҳарларда эса таълим бўлимлари ташкил этилади.
Ушбу бўғинлар тизимига умумий ўрта таълим ташкилотлари, мактабгача таълим ташкилотлари, «Янги авлод» мактабгача таълим ташкилотлари ва «Келажак» марказлари киради. Ҳудудий тизимда Қорақалпоғистон Республикаси Таълим маркази ҳамда болалар кутубхоналари ҳам назарда тутилган.
Қарорга кўра, вазирлик тизимидаги давлат олий таълим ташкилотлари рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
📱
ROST24.uz📱Telegram📱
Facebook📱
Instagram📱
YouTube