🇺🇸🇷🇺🇨🇳 Путин АҚШ ва Хитойга дунёни бўлиб олишни таклиф қилмоқчи.
Владимир Путин жаҳон сиёсатини 1945-йилдаги Ялта конференцияси форматига қайтаришга уринмоқда. The Wall Street Journal нашрининг маълум қилишича, Россия президенти 9-октабр куни Доналд Трамп билан телефон орқали суҳбат чоғида Си Цзиньпин иштирокида уч томонлама саммит ўтказишни таклиф қилган. Учрашувни 18-19-ноябрь кунлари Шенчженда бўлиб ўтадиган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити доирасида ташкил этиш назарда тутилган.
Кремлнинг асосий мақсади - учта супердавлат ўртасида таъсир доираларининг янги тақсимотини мустаҳкамлаш ҳамда Украинани ва АҚШнинг Европадаги иттифоқчиларини музокаралар жараёнидан бутунлай четлаштириш.
Москва таъсир доираларини қайта тақсимлаш орқали нимага эришмоқчи?
1. Россиянинг масъулият доираси
Москва НАТОнинг Шарққа томон биринчи йирик кенгайишидан олдинги, яъни шартли равишда 1997-йил чегараларига қайтишни талаб қилмоқда.
Собиқ СССР ҳудуди устидан тўлиқ назорат. Россиянинг Украина, Беларус, Молдова, Кавказ мамлакатлари (Грузия, Арманистон, Озарбайжон) ва Марказий Осиё давлатлари (Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон) устидан алоҳида ҳуқуқ ва таъсирга эга эканини тан олиш.
НАТО инфратузилмасини ортга қайтариш. 1997-йилдан кейин НАТОга қўшилган мамлакатлардан — Полша, Болтиқбўйи давлатлари, Руминия, Болгария, Чехия, Словакия ва Венгриядан — алянс қўшинлари, ҳарбий базалари ва зарба берувчи тизимларини олиб чиқиш талаби. Бу давлатлар расман НАТО таркибида қолади, бироқ уларда АҚШ ёки Ғарб давлатларининг доимий ҳарбий контингенти жойлаштирилмайди.
Украина масаласи. Россия эгаллаб олган ҳудудларни ўзида сақлаб қолишини мустаҳкамлаш ва Украинанинг НАТОга аъзо бўлишини ҳуқуқий жиҳатдан тақиқлаш. Уч томонлама учрашув формати Киевнинг тақдири унинг ўзи иштирокисиз ва Европа фикри ҳисобга олинмаган ҳолда ҳал этилишини англатади. Шунингдек, Украинанинг НАТОга киришига тўлиқ тақиқ қўйиш, Ғарбнинг унга оғир қурол-яроғ етказиб беришини тўхтатиш ва Россия босиб олган ҳудудларни унинг назорати остида эканини тан олиш назарда тутилади.
2. Хитойнинг масъулият доираси
Пекинга Осиёда асосий ҳукмрон куч ва минтақавий тартибнинг кафолати ролини бериш таклиф этилмоқда.
Тинч океанининг ғарбий қисми ва Жануби-Шарқий Осиё. Хитойнинг минтақадаги асосий етакчи мақомини мустаҳкамлаш. Бу Тайван атрофида ва Жанубий Хитой денгизида АҚШ ҳарбий иштирокининг босқичма-босқич қисқариши, шунингдек, ASEAN мамлакатларига - Ветнам, Филиппин, Индонезия ва бошқаларга - нисбатан босимнинг камайишини англатади.
Россия билан таъсир доираларини чегаралаш. Марказий Осиё Россиянинг устувор ёки икки давлатнинг умумий манфаатлар ҳудуди сифатида эътироф этилади. Хитой эса Осиё-Тинч океани минтақасидаги савдо йўллари ва денгиз коммуникацияларида етакчиликни мустаҳкамлайди.
3. АҚШнинг масъулият доираси
Ушбу схемада Вашингтонга ўзининг макроминтақасига эътибор қаратиш ва “дунё полициячиси” ролидан воз кечиш таклиф қилинмоқда.
Шимолий ва Жанубий Америка. Лотин Америкаси ва Марказий Америкада қарорлар қабул қилиш бўйича АҚШнинг тўлиқ устунлигини таъминлаш, ўз чегаралари ҳамда Ғарбий яримшардаги иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш.
Глобал ҳарбий иштирокни қисқартириш. Россия ва Хитой Ғарбий яримшодаги ишларга аралашмаслиги эвазига АҚШнинг континентал Европа ва Осиё материгидаги ҳарбий иштирокини камайтириш.
Пекин, агар Трамп рози бўлса, учрашувга қарши эмас. АҚШ томони ҳам ушбу таклифни кўриб чиқмоқда: Давлат котиби Марко Рубио музокаралар олиб борилаётганини тасдиқлаган. Трамп эса урушни тезда тугатиш ҳақидаги ваъдасини бажариш мақсадида бундай қадамга бориши мумкин.
👉
@tyxuzbek - энг тезкор ва махфий хабарлар каналига аъзо бўлинг!