
11 октябрь куни Ўзбекистонда Yandex Go катта сбой берди. Одамлар машина чақиролмади, адрес киритолмади, нархни ҳам кўролмади. Муаммо Россиядаги Yandex дата марказларидан бири дрон ҳужумидан кейин авария режимига ўтгани билан боғланган.
Лекин энг қизиғи сбойнинг ўзи эмас. Одамлар қаерга кетгани. 11 дан 13 октябргача Uklonда заказлар 2, 3 баравар ошган. Тошкентда ишлайдиган MyTaxiда эса заказлар сони одатдагидан 15 баравар кўпайган.
Бу Yandex Ўзбекистон такси бозорида қанчалик катта ўрин эгаллаб турганини ҳам кўрсатади. Солиқ қўмитаси маълумотига кўра, 2024 йилда агрегаторлар орқали берилган 319 миллион чекнинг 271 миллиони Yandex Go ҳиссасига тўғри келган. Қарийб 85 фоиз.
Кўпчилик Yandexни яхши кўргани учун эмас, одат бўлгани ва машина тез келгани учун ишлатади. Иловани очасан, икки марта босасан, машина келади. Всё. Шу занжир бир кун узилса, одам принципиал равишда “Yandex тикланишини кутаман” демайди. Бошқа приложение қидиради. Мана шу рақиблар учун энг катта шанс.
MyTaxi маълумотига кўра, ўша кунлардаги ўсишнинг 20, 25 фоизи янги фойдаланувчилар ҳисобига бўлган. Uklonда эса айрим кунлари актив фойдаланувчилар сони икки баравардан ҳам кўпроқ ўсган, янги ҳайдовчилар қўшилиши тахминан 10 баравар кўпайган.
Энди яна битта қизиқ хабар чиқди.
Хитой компанияси Ўзбекистон такси бозорига 5 мингта янги автомобиль ва ўз иловаси билан киришни режалаштиряпти. Бу ҳақда транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров айтган. Демак бозор қизияпти.
Одам бир марта Uklon ёки MyTaxiни ўрнатиб, “э, бу ҳам ишлар эканку” деса, кейин Yandex тикланганда ҳам иккинчи иловасини ўчирмаслиги мумкин. Такси бозорида энг қиммат нарса эса машина эмас. Одат.
Ким одамнинг телефонидаги иккинчи такси иловасига айланиб олса, кейин биринчи бўлиш учун кураша олади. Шунинг учун менимча Yandex учун 11 октябр оддий техник авария эмасди. Рақибларга текин реклама кампанияси бўлди. Так вижу.
🌟@nurbekalimov











